Чорвоқ сув омбори атрофида маргимуш заҳарли кимёвий моддаси кўмилган жой бор. Ушбу ҳудуддан сизиб чиқаётган сувлар Тошкент вилояти, Тошкент шаҳри, қолаверса, кейинги вилоятларимизнинг ичимлик сувини зарарлантиришга олиб келади.
Бу борада Вазирлар Маҳкамасининг, янглишмасам, 2010 йилдан кейин қабул қилинган қарори ҳам бор. Бу ҳудудни қабристон деймиз. Ҳукумат қарорида шу ҳудудни бошқа жойга кўчириш масаласи бор. Агар эртага сув кўпайиб кетса, улардан оқиб чиқадиган зарарли моддалар аҳолимиз соғлиғига жиддий путур етказиши аниқ.
Бу Ўзбекистон Бош прокурори Ниғматилл Йўлдошевнинг 2021 йил Олий Мажлис Сенатининг 14-ялпи мажлисида қилган баëноти.
Бош прокурорнинг бу баëнотидан тўрт йил вақт ўтиб¸ жамоатчиликка маргимуш қабристонига нима бўлгани ҳақида бирор расмий маълумот берилмаган.
29 июль куни Озодлик Чорвоқ тепасидаги бу қабристон мавзусини тилга олди.
Унда маргимуш қабристонининг Чорвоқ ва Тошкент устига кўмилган "бомба" экани ҳақида экологлар хавотири акс этган.
Видеолавҳада Экология вазирлиги расмийсининг маргимуш қабристонини консервация қилиш учун вазирликка маҳаллий бюджетдан ажратилган 5 миллиард сўм маблағнинг бошқа мақсадларга сарфлангани ҳақидаги сўзлари ҳам ўрин олган эди.
Озодлик билан шахси сир қолишини сўраб гаплашган Экология вазирлиги расмийси¸ маргимуш қабристонининг рисоладагидай консервация қилинмагани ва унинг ҳамон Чорвоқ суви ва табиати¸ у ерда яшаëтган аҳоли саломатлигига хавфи сақланиб қолаëтганини билдирди:
- Бўстонликда маргимуш полигони бор. Жуда хавфли. Оддий тупроқ билан кўмиб қўйилган. Вазирлар Маҳкамасининг қарори ҳам чиққан эди. Чорвоқ сув омбори ва аҳолига хавф солмаслиги учун зарарсиз йўқ қилиш бўйича. Аммо вазир полигонни тугатиш ва йўқ қилиш учун ажратилган маблағни ҳам “вазирлик идорасини таъмирлаш учун”¸ деб ювиб юборди. Энди Агаларовга курорт қуриш учун беришди. Бу - бомба устига уй қуриш.
Озодлик бу иддао ортидан Ўзбекистон Экология вазирлиги расмийлари¸ хусусан вазирлик матбуот хизматига расман мурожаат қилди.
22 июль куни улардан маргимуш қабристонининг бугунги вазияти ҳақида маълумот беришни сўради.
Вазирлик матбуот хизмати расмийси Озодлик саволларига "бир соатдан сўнг батафсил жавоб берилишини" билдирди.
Аммо бу суҳбатдан бир соат¸ икки соат¸ қолаверса бир неча кун ўтиб ҳам Экология вазирлиги матбуот хизмати Озодлик қўнғироқларига жавоб бермади.
Айни шундай Тошкент вилояти Экология бошқармаси¸ Бўстонлиқ туман Экология бўлими ходимлари ҳам Озодлик қўнғироқларига жавоб бермади.
Озодлик саволларига жавоб беришни истамаган Экология вазирлиги 29 июль куни “Заҳарли Seabreeze” видеолавҳаси эълон қилиниши билан уни “фейк ва ëлғон” дея баëнот чиқарди.
Боз устига¸ бир ҳафта давомида Озодлик саволларига жавоб бермаган Экология вазирлиги расмий баëнотида журналистларга қандай ишлашни ўргатишга ҳам уринди.
Журналистдан талаб этиладиган асосий принцип — тарқатилаётган ахборотнинг ишончлилигини текшириш ва холис маълумот тақдим этишдир.
Баëнотда Озодлик лавҳасида билдирилган хавотирларнинг ўтмишда қолгани иддао қилинган.
Мазкур қабристон ҳақидаги хавотирли фикрлар 2022 йилдаги ҳолатга тааллуқли бўлиб, ҳозирги кунда объект атрофи бетон тўсиқ деворлар билан ўраб олинган, консервация қилинган ва ҳудуд бўйлаб сим ёғочлар ҳамда назорат учун видеокузатув камералари ўрнатилган.
Маргимуш таркибли чиқиндилар кўмилган махсус полигонни консервация қилиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган ва ижобий экспертиза хулосалари олинган.
"Раддия"да вазирлик жамоатчиликни ўз ихтиëрида қандайдир ҳужжатлар ва экспертиза хулосалари борлигига ишонтиришга уринмоқда. Аммо бу ҳужжатлардан бирортасини очиқламаëтир.
Шунингдек¸ маргимуш қабристонида “ҳар чоракда режавий сув ва тупроқ намуналарини олиб, мониторинг тадбирлари олиб борилаётгани йўлга қўйилган”ини айтмоқда¸ аммо бу мониторинг хулосаларидан бирортасини жамоатчиликка тақдим этмаëтир.
Озодликка шахси очиқланмалик шарти билан маълумот берган Экология вазирлиги расмийси¸ вазир Азиз Абдуҳакимов ва командасини Чорвоқ сув омбори¸ унинг табиати ва шу ҳудудда яшовчи аҳолига таҳдид соладиган маълумотларни яшириб келаëтганликда айблади:
-Вазир Абдуҳакимов бундан хабари бўлатуриб экологик эспертиза хулосасини бекитиб ўтирибди. У киши иқтисодчи, экологияни тушунмайди. Катта оилаларга яқин¸ ўшаларнинг топшириғини бажариб юрибди.
Озодлик манбасига кўра¸ Экология вазирлиги¸ хусусан¸ вазир Азиз Абдуҳакимовга Озарбайжон президентининг собиқ куëви Эмин Агаларовга шахсан Шавкат Мирзиëев томонидан тутқизилган Чорвоқ ҳудудида улкан курорт шаҳарчаси қурилишини экологияга хафв солмаслиги ҳақида хулоса чиқариб бериш топширилган.
"Экология вазири айни шу топшириқни бажариш¸ жамоатчилик эътирозларини чиппакка чиқариш учун давлат маблағини сарфламоқда"¸ деди Озодлик манбаси.
Бунга мисол тариқасида расмий Эмин Агаларовнинг Sea Breeze лойиҳасини тарғиб қилиш учун Бокуга уюштирилган пресс турни тилга олди.
-Абдуҳакимовнинг ўзи бош бўлиб¸ 20 га яқин журналист учун катта маблағ сарфлаб¸ уларни Бокуга олиб бориб келди. Уларнинг сарф- харажатлари вилоятдаги экология бошқармаларига сочилган солиқ ҳисобидан бўлди. Блогерларга нақд¸ йирик нашрларга эса¸ бу мавзуни ёритиш ва мухбирларнинг сафар харажатлари биратўла ҳисоб рақамига ташлаб берилди. Эътибор берсангиз¸ борганларниг аксарияти вазирлик фаолиятини доим накд пул ёки пул ўтказиш йўли билан ёритиб юрганлардир.
Нима эмиш¸ Sea Breezeга қарши жамоатчилик овозини хайрхоҳ журналистлар томонидан таёрланган контентлар билан ўчиришар экан. Давлат раҳбарига, мана ўнлаб журналистлар қўллаб-қувватлаб материал тайёрлади. Қаршилик қилаётганлар аламзада олимлар ва фаоллар¸ деб маълумот беришди.
Экология вазири Азиз Абдуҳакимовнинг 8-9 июль кунлари бир гуруҳ ўзбек блогер ва журналистлари ҳамроҳлигида Агаларовнинг Бокудаги Sea Breeze шаҳарчасига сафари давомида айтган гаплари¸ бу иддаони билвосита тасдиқлайди.
Бокуда Абдуҳакимов Sea Breeze Uzbekistan қурилишини Чорвоқ сув омбори ҳавзасида янги ва жиддий таҳлика туғдирадиган эмас¸ балки экологик муаммоларни ҳал қиладиган лойиҳа сифатида тақдим этди.
- Бу ерда туристик зона профессионал даражада ташкил этилган. Келинг, Италия каби ривожланган давлатлар тажрибасига таянган ҳолда, шундай ёндашувни бизда ҳам жорий қилиб кўрайлик. Шунда натижа бўлади.
Бокуга уюштирилган пресс-тур кўзлангани каби жамоатчилик эътирозини бостира олмагани ортидан Азиз Абдуҳакимов 25 июль куни энди Тошкентда матбуот анжумани ўтказди.
Ўн кун орасида Абдуҳакимовнинг Sea Breeze лойиҳаси ҳақидаги баëнотлари ўзгариб қолди. Бокуда бу лойиҳани экологияга зиëн етказмайдиган лойиҳа сифатида тақдим қилган Абдуҳакимов¸ Тошкентда ҳали бу лойиҳани кўрмагани¸ унинг экологик оқибатлари ҳали экспертизадан ўтказилмаганини билдирди.
- Бу ҳозир, очиғини айтганда, фақатгина бизга норасмий равишда оғзаки айтиляпти. Шунинг учун биз илтимос қилдикки, ҳужжатни олиб келсин. Ҳужжат бўлгандан кейин биз ўзимизнинг ҳам, Қурилиш вазирлиги, Сув хўжалиги, ўзининг тегишли инспекциялари, Экологик экспертиза маркази, ҳамма тегишли вазирлик ва идоралар ўзининг эътирозларини ёки ўзининг таклифларини билдира олади.
Ижтимоий тармоқларда Эмин Агаларов Чорвоқ соҳилида қурилишни бошлаб юборгани акс этган видео ва суратлар тарқади. Азиз Абдуҳакимов бу фактни ҳам рад қилишга уринди.
Абдуҳакимов Эмин Агаларов қурилиш бошламагани¸ ҳали экспертизадан ўтмаган лойиҳаси учун Чорвоқ бўйини ободонлаштиришни иддао қилиб турган бир пайтда¸ Агаларовнинг ўзи қурилиш бошлангани ва бир йил ичида Sea Breeze лойиҳасининг биринчи иншоотларини президентга кўрсатишини таъкидламоқда.
Ижтимоий тармоқлардаги фаоллар эса кимга ва нимага ишонишини билолмай ҳайрон. Sea Breeze лойиҳаси ҳали бирор экологик экспертизадан ўтмаган бўлса¸ лойиҳанинг бирор ҳужжати бўлмаса¸ унда нега Агаларов ободонлаштириш деб айтилаëтган қурилишни бошлаб юборди?
Экология вазирлиги, Агаларовнинг таъкидлашича, шахсан президент Мирзиёев муаллифи бўлган Sea Breeze лойиҳасидан четлатилганми ëки вазирлик унинг рекламачиси қилиб тайинланганми¸ бу савол жавоби ҳам очиқ қолмоқда.
Форум